Заправкалардаги нархлар бўйича маълумот берувчи «Аvto24» дастури ишга тушди
Автомобилга бензин, метан ва пропан қуйиш, электромобилларни қувватлаш шохобчалари ҳақида маълумот берувчи «Аvto24» иловаси тест режимида ишга туширилди. У орқали ҳайдовчилар қаерда ёқилғи қуйишни танлаши, нархларни солиштириши, «заправка»лардаги қўшимча қулайликлардан хабардор бўлиши мумкин.
Энергетика вазирлиги ёқилғи қуйиш, газ тўлдириш ва электр қувватлаш шохобчалари ҳақида маълумот берувчи «Аvto24» иловаси тест режимида ишга туширилганини маълум қилди.
«Сир эмас, ҳар йили куз-қиш мавсумида автомобиль ҳайдовчилар бошқаларга нисбатан кўпроқ азият чекишади. Уларнинг асосий муаммоси куннинг совуқ пайтларида қаерда ёқилғи қуйиш ёки автомобилини сиқилган ҳамда суюлтирилган газ билан тўлдириш мумкинлигини аниқлаштиришнинг имконсизлигида эди. Ва ниҳоят эндиликда бундай муаммоларга барҳам бериладиган бўлди», — дейилади вазирлик хабарида.
Энергетика вазирлиги ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» томонидан тест синовида ишга туширилган «Аvto24» мобил иловаси ҳар бир ҳудуддаги энг яқин ёқилғи қуйиш, автомобилни сиқилган ёки суюлтирилган газ билан тўлдириш ва электромобиллар учун қувватлантириш шохобчаларини топиш, нархларни таққослаш, бориладиган манзил ҳамда вақтни аниқ режалаштириш имконини бериши айтилган.
Истеъмолчилар мазкур иловани Android ва iOS операцион тизими қурилмалари орқали бепул юклаб олиши мумкин.
Илова автомобиль эгаларига ҳудудлардаги барча ёқилғи ҳамда қувватлаш шохобчаларини битта харитада тезда топиш, реал вақт режимида ҳозирги вақтда мавжуд ёқилғининг нархи, захираси ва қулайликлари ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш, электромобил эгалари учун махсус қувватлаш пунктларининг локацияларини аниқлаш сингари имкониятларни тақдим этади.
Шунингдек, истеъмолчилар илова орқали ўзларига маъқул «заправка»нинг рейтингини кўтариш, ёқилғи сифати ҳамда нархи ҳақида шарҳ қолдириши ҳам мумкин бўлади. Мобил илова дастури автоматлаштирилган ҳолда янгилаб борилади.