Toping.uzʼда афиша: Моҳинабону дам олиш кунларида қаерларга боришни ёқтиришини айтди
Кузнинг учинчи ойи бўлган ноябрнинг сўнгги ҳафтаси ҳам якунига етмоқда. Пойтахт кўчалари қишга хос бўлган тунд рангга кирган, ҳаво эса анча совиб, ёғингарчилик бошланди. Блогер Моҳинабону билан олтин куздаги Тошкент ҳақида суҳбат олиб бордик.
Ҳордиқ
Мен пиёда сайр қилишни жуда ҳам ёқтираман. Агар вақт ва хоҳиш бўлса, 5 дан 10 километргача бўлган масофани бемалол босиб ўта оламан.
Бундай сайрлар учун Ботаника ва Япон боғларини танлайман. Кўчаларни айланмоқчи бўлсам, манзил экопаркдан бошланиб, Телман боғигача давом этади.
Кино
Кино ва унинг жанрлари ҳақида гаплашадиган бўлсак, мен биринчи навбатда фантастика (Marvel ишлаб чиқарадиган исталган фильмлар) жанрини хуш кўраман. Бундан ташқари драма ва ҳоррор каби жанрларни ҳам маъқул кўраман.
Кинотеатрлардан эса Magic City ва Rivieraʼдаги залларни танлайман. Magicʼдаги кинотеатрнинг vip-зали жуда ҳам қулай ва ҳамёнбоп. Заллар тоза, шинам ва ўриндиқлар ҳам анча юмшоқ. Бу кино кўришдаги энг асосий талаб ҳисобланади.
Мен театр томошаларига тушишни ҳам ёқтираман. Тошкентда кўплаб театрлар мавжуд, мен улар орасидан Илҳом театрини маъқул кўраман. Чунки сиз у ерда томошабин эмас, жараён иштирокчисига айланиб қоласиз.
Таом
Овқатланиш бу менинг энг ожиз томоним десам ҳам бўлади. Мен ҳамма жойда ва барча мазали ҳамда фойдали таомларни ея оламан. Мен миллий таомларни ҳам, Европа ва Осиё ошхонасини ҳам бирдек хуш кўраман. Асосийси, овқат ширин ва сергўшт бўлиши керак.
Одатда денгиз маҳсулотларидан тайёрланган таомларни кўпроқ истеъмол қиламан. Сўнгги вақтларда турли ресторанларда овқатланишга, уларнинг сифатига баҳо беришга ҳаракат қиляпман. Тошкентда таом билан боғлиқ борадиган жойлар жуда кўп.
Масалан, нонуштани оладиган бўлсак, кўпинча Бонъда овқатланаман. Тушлик эса ҳар доим ҳар хил. Кечки овқат учун жуда-жуда кўп вариантлар мавжуд. Охирги вақтларда ўзининг мазали таомлари билан шуҳрат қозонаётган Сироварня, Кукучина ва Каспийка ресторанларини алоҳида таъкидламоқчиман.
Харид
Шоппинг ҳам юқорида айтганимдек, турли дўконлардан амалга оширилади. Сўнгги вақтларда асосан Tashkent City Mall савдо марказидан кийимлар харид қиляпман. У ерда кўплаб машҳур брендлар ўз дўконларини очди. Айни шу брендлар кийимларини аввал онлайн буюртма бериб, етиб келишини ҳафталаб кутар эдим.
Шоппинг вақтида албатта кийим сифатига эътибор бериш керак, деб ҳисоблайман. Нарх сифатга муқобил бўлиши лозим. Шунингдек, ҳамёнбоп нархларга ҳам сифатли кийимлар топиш мумкин. Лекин қиммат ва сифатсиз кийимни асло харид қилмаслик керак. Кийимларнинг қулайлигига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак.
Фестиваль
Мен Тошкентда ўтказиладиган барча фестиваллар ва тадбирларга қатнашишга ҳаракат қиламан. Бизда бундай воқеликлар кўпаяётгани эса одамни жуда ҳам қувонтиради.
Қайсидири фестивалларни ажратиб кўрсата олмайман. Айнан ёдимда қоладиганлари бўлмаган экан. Coca Cola ва Pepsi томонидан ўтказиладиган байрамлар доим қайноқ руҳда бўлиб ўтади.
Шунингдек, тасвирий санъат музейларига ва рассомларнинг кўргазмаларига ҳам тез-тез бориб тураман. Бундай вақтларда инсоннинг руҳияти сокинлашиб, ўз ички кечинмалари билан ёлғиз қолиш ва ҳисоблашиш имконига эга бўлади.