Ўзбекистонда MMA бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланди
5−10 ноябрь кунлари Тошкентдаги Humo arena муз саройида аралаш жанг санъати спорт тури (MMA) бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказилмоқда. Унда 67 та мамлакатдан 600 нафарга яқин спортчилар иштирок этиши кутилмоқда. Мусобақани томоша қилиш учун келганларга кириш бепул.
5−10 ноябрь кунлари Ўзбекистон пойтахти аралаш жанг санъати спорт тури (MMA) бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Миллий аралаш жанг санъатлари ассоциацияси матбуот хизмати мусобақа жадвали ҳақида маълумот берди.
Турнир Humo arena муз саройида 18−21 ва 21−25 ёшдаги спортчилар ўртасида ўтказилади. Бу учун дунёнинг 67 та мамлакатидан 600 нафарга яқин спортчилар ҳамда 208 нафар тренер ва бошқа мутахассислар рўйхатдан ўтган. Мусобақа 40 та вазн тоифаси бўйича ўтказилади (эркаклар 24 та, аёллар 16 та вазн тоифалари).
Ўзбекистон аралаш жанг санъати усталари жаҳон чемпионатида тўлиқ таркиб билан иштирок этади.
Мусобақа дастурига кўра:
- 5 ноябрь соат 11:00дан — 1/32-босқич;
- 6 ноябрь соат 11:00дан — 1/16-босқич;
- 7 ноябрь соат 11:00дан — ¼-босқич;
- 8 ноябрь соат 11:00дан — ½-босқич;
- 9 ноябрь соат 16:30дан — Катталар ўртасида финал баҳслари;
- 10 ноябрь соат 16:30 дан — Ёшлар ўртасида финал баҳслари.
Мусобақани томоша қилишни истовчилар учун кириш бепул.