Ҳабиб Нурмагомедов АҚШда стюардесса билан баҳслашгани учун самолётдан туширилди
Россиялик ММА жангчиси Ҳабиб Нурмагомедов АҚШга учаётган рейсдан туширилгани ҳақида GiveMeSport хабар бермоқда.
Манбанинг маълум қилишича, спортчи билан борт кузатувчиси ўртасида келишмовчилик юз берган. Ҳабиб фавқулодда чиқиш эшиги ёнидаги ўриндиққа ўтирган ва стюардесса парвоздан олдинги йўриқнома пайтида ундан фавқулодда вазият юз берганда бошқа йўловчиларга ёрдам бера олиш-олмаслигини сўраган.
Нурмагомедов ундан нима хоҳлаётганини дарҳол тушунмаган ва бу ҳолат у билан экипаж аъзоси ўртасида кичик баҳсга сабаб бўлган. Жангчи, бундан ташқари, вазиятни адолатсиз деб ҳисоблаб, бошқа жойга ўтиришни рад этган. Оқибатда уни самолётни тарк этишга мажбур қилишган.
36 ёшли Нурмагомедов профессионал даражада 29 та жанг ўтказиб, биронта ҳам мағлубиятга учрамаган. У 2022 йилда UFC шон-шуҳрат залига киритилган.