верхний кино
РУ
O’Z
UZS
/
/
Амир Темурнинг дунё хирожига тенг жавоҳири. Афсона ва ҳақиқат
12.02.2025 (янгиланди 18.02.2025)

Амир Темурнинг дунё хирожига тенг жавоҳири. Афсона ва ҳақиқат

Амир Темурнинг дунё хирожига тенг жавоҳири. Афсона ва ҳақиқат
Муаллиф

Бугунги кунда дунёнинг турли нуқталарида ўзбек халқига тегишли бўлган ноёб бойликлар, бебаҳо хазиналар, моддий ва маънавий мерос намуналарини учратиш мумкин. Шулардан бири Буюк Британия қироллик саройида сақланаётган, бир вақтлар Соҳибқирон Амир Темурга тегишли бўлган қимматбаҳо тош – «Темур ёқути»дир.

image

Kinolarni bepul ko‘rish imkoniyati!

icon

Ушбу 361 карат (72 грамм) вазнга эга бўлган жавоҳир мутахассисларнинг фикрича, ёқут эмас, балки лаъл тоши ҳисобланади. Ўз замонасида бениҳоя қиммат баҳоланган ушбу тош ўрта асрларда «Хирожи олам» – яъни, дунёнинг хирожига тенг деб номланган.

Қимматбаҳо жавоҳирнинг сирли тарихи

Ҳар бир қимматбаҳо тош ўз тарихига эга. «Темур ёқути» ҳам асрлар давомида талотўпларга, ҳатто қонли урушларга сабаб бўлиб келган. Унинг юзасига моҳир заргар ва ҳаттотлар томонидан олтита ҳукмдорнинг — Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Шоҳ Аббос, Жаҳонгир, Шоҳ Жаҳон ва Аҳмадшоҳнинг исмлари ўйиб ёзилган. Бироқ бу жавоҳир аслида кўплаб сулолалар ва ҳукмдорларнинг қўлидан қўлга ўтган. У ҳақида кўплаб афсона ва ривоятлар ҳам мавжуд.

Қалпоқ Ичидаги хазина

17-асрда яшаган голландиялик ботаник Румфий ёзиб қолдирган афсонага кўра, қадимий Амболин оролида туғилган чақалоқнинг бешигига бир илон тирмашиб чиқиб, унинг ёстиғи ёнига катта қизил жавоҳирни қўйиб кетган. Буни кўрганлар боланинг келажаги буюк бўлишини англаб етишган. Йиллар ўтиб, оролда фитна бошланганда, шаҳзоданинг тарафдорлари уни яширишга ҳаракат қилган. Бола эса, бошқаларга зарар етказмаслик учун оролдан қочишга қарор қилган.

Жавоҳирни ўзи билан қандай олиб чиқиш ҳақида узоқ ўйлаган бола мисдан юпқа қалпоқ ясаттириб, уни кичик тешиклар билан қоплаган. Кейин сочини бутунлай олдириб, жавоҳирни қалпоқ ичига яшириб, уни бошига кийиб олган. Вақт ўтиб, сочи тешиклардан ўсиб чиқиб, қалпоқни сезилмас даражага келтирган. Шу тариқа, у оддий дарвиш кўринишида оролни тарк этган.

Соҳибқироннинг тожини безаган жавоҳир

Бу йигит кейинчалик қаерларга борган, қандай саргузаштлар бошидан кечирган — бу тарихга қоришиб кетган. Аммо жавоҳир узоқ йиллар Сиам (ҳозирги Таиланд) қиролларининг қўлида бўлиб, кейинчалик Деҳлига етиб келган. Қироллар, рожалар ва султонлар ушбу жавоҳирни қўлга киритиш учун урушлар қилган, қон тўкишдан ҳам қайтмаган.

1398 йилда Амир Темур Ҳиндистон юришидан сўнг ушбу қимматбаҳо жавоҳирни ҳам ўз хазинасига қўшган. У жавоҳирнинг тарихи ва ғайриоддий хусусиятлари билан қизиқиб, унга сайқал бериб, ўз тожига ўрнатган. Тожга «Амир Темур Кўрагон» деган ёзув туширилган. Айрим манбаларга кўра, Соҳибқирон умрининг охирига қадар ушбу жавоҳирни бошидан туширмаган.

Шоҳлардан шоҳларга ўтган жавоҳир

1407 йилда Амир Темур вафотидан сўнг жавоҳир унинг ўғли Шоҳрух Мирзога ўтган. Кейинчалик эса Мирзо Улуғбек «Темур ёқути»ни ўзига олган ва унга «Мирзо Улуғбек ибн Шоҳрух» деб ўйиб ёздирган.

Кейинчалик, жавоҳир қандайдир йўл билан сафавийлар саройига бориб қолган. Шоҳ Аббос (1587–1629) номининг тошга ўйиб ёзилгани бунга ишора қилади. Шоҳ Аббос эса уни Бобурийлар сулоласига мансуб Жаҳонгир подшоҳга туҳфа қилган. Жаҳонгир эса ўз ва отасининг исмини жавоҳирга ўйиб ёздирган, ҳатто аввалги исмларни ўчириб ташлаган.

Шоҳ Жаҳон ҳам «Темур ёқути»га эга бўлиб, ўз исмига «Соҳибқирони соний» (Иккинчи Соҳибқирон) деган унвонни қўшган. Кейинчалик, унинг ўғли Аврангзеб давлат тўнтариши амалга ошириб, отасининг хазиналарини ўз қўлига олган ва жавоҳирга ўз исмини ёздирган. 1739 йилда Нодиршоҳ Ҳиндистонни забт этиб, «Кўҳинур» билан бирга «Темур ёқути»ни ҳам ўзига олган.

Англия Қироллик хазинасидаги жавоҳир

Аҳмадшоҳ Дурроний номининг жавоҳирда учраши бу қимматбаҳо тош Афғонистон ҳукмдорлари қўлига тушганини кўрсатади. Аҳмадшоҳнинг ўғиллари орасидаги тахт талашувлари туфайли жавоҳир бир неча бор қўлдан қўлга ўтган. Ниҳоят, Панжобдаги Ранжит Сингх жавоҳирни қўлга киритган ва уни шахсий хазинасида сақлаган.

1849 йилда Лаҳор инглизлар томонидан босиб олинганда, «Кўҳинур» ва «Темур ёқути» Англияга олиб кетилган. Айрим тахминларга кўра, Ранжит Сингхнинг ўғли Дилип Сингх жавоҳирни Англия қироличаси Викторияга туҳфа қилган.

1853 йилда «Темур ёқути» қиролича Викториянинг шахсий зебигардонига ўрнатилди ва бугунги кунда Букингем саройининг «Ҳиндистон хонаси»да сақланмоқда. Бу афсонавий жавоҳир асрлар давомида кўплаб ҳукмдорларнинг тожини безаган, талотўпларга сабаб бўлган ва ниҳоят Буюк Британия қироллик хазинасининг бир қисмига айланган.

Бу қизиқ

Kinolarni bepul ko‘rish imkoniyati!
Kinolarni bepul ko‘rish imkoniyati!
Buyurtma qoldiring

Bizning menejerlarimiz yaqin orada siz bilan bog‘lanadi.

Раҳмат, аризангиз қабул қилинди.