«Келажакка қайтиб»: Машҳур фильм ҳақида сиз билмаган фактлар ва сирли расмлар
«Келажакка қайтиб» фантастик комедияси 1985 йилда илк бор экранларга чиққан ва дарҳол мухлислар армиясини тўплаган, йилнинг энг кўп даромад келтирган фильми бўлди ҳамда ҳозиргача жуда машҳурлигини сақлаб қолмоқда.
Марти Макфлай ва доктор Эммет Брауннинг вақт бўйлаб саргузаштлари тарихи шунчаки машҳур фильм эмас — у оммавий маданиятнинг муҳим қисмидир.
Уни Роберт Земекис ва Боб Гейл жуфтлиги ўйлаб топган. Улар 1970 йилларнинг ўрталаридан бошлаб биргаликда фильмлар устида ишлашган, 1978 йилда Битлз мухлислари ҳақидаги «Мен сени қўлингдан ушлашни хоҳлайман» комедиясини ва 1980 йилда Курт Рассел билан «Ишлатилган автомобиллар» комедиясини яратишга улгурган. Аммо «Келажакка қайтиб» фильмини яратиш учун маблағ ажратишларини сўраб, улар 44 марта «Йўқ» жавобини эшитишларига тўғри келди.
Боб Гейлнинг келажакдаги сценарий ғояси отасининг мактаб альбомини кўриб чиқаётганда пайдо бўлди. У агар улар тенгдош бўлганларида, дўст бўла олармидилар, деган савол устида ўйланиб қолди.
Роберт Земекиснинг айтишича, студиялар фильм сценарийсига турлича муносабатда бўлишган. Disney ўз ўғлига ошиқ бўлиб қолган қиз ҳақидаги сюжет уларга жуда хавфли туюлишини айтиб, рад этди. Бошқа студиялар эса аксинча, бу жуда содда фильм, ўша пайтда машҳур бўлган ёшлар комедияси руҳига мос келмаслигини таъкидлашди.
Universal раҳбарига «Келажакка қайтиб» номи ёқмасди ва у продюсерларга уни «Плутонлик бегона сайёралик» билан алмаштиришни маслаҳат берди, ҳикояга Мартининг ўтмишда келгиндидек кўринишига кўпроқ ҳаволалар қўшишни таклиф қилди. Унинг бу ғояси рад этилди, аммо бошқалари қабул қилинди — айнан Сид Шейнберг «профессор Браун»ни «док Браун»га айлантиришни талаб қилди. У маймунни Эйнштейн исмли итга алмаштиришни ҳам таклиф қилди.
Айтганча, ДеЛореан автомобилининг вақт машинаси сифатида танланиши айнан унинг келажакка хос кўринишга эга эканлиги ва 1950 йиллардаги одамларга қандайдир ғайризаминий бўлиб туюлиши мумкинлиги билан асосланган. Вақт машинасига автомобиль қиёфасини беришдан олдин, режиссёрлар «Доктор Ким» сериалидаги Тардисга ўхшаш — хона ёки ўзгартирилган музлатгичга айланадиган қандайдир қурилма яратиш ҳақида ўйлашган.
Олим ролини ижро этган Кристофер Ллойд Мартини ўйнаган Майкл Жей Фоксдан анча баланд эди. Аммо фильмда бу унчалик сезилмайди. Чунки режиссёр ва оператор доимо бўй фарқи камроқ кўриниши учун иллюзия яратишга ҳаракат қилишган.
Ҳозир бу ролларда бошқа актёрларни тасаввур қилиб бўлмайди, аммо «Келажакка қайтиш» фильмини суратга олишнинг бир ярим ойи Майкл Жей Фокссиз ўтди. Марти Макфлай роли дастлаб ўша йили 1985 йилда муваффақиятли «Ниқоб» драмасида роль ўйнаган Эрик Штолсга тегишли эди. Продюсерлар фильмни суратга олиш пайтида Штолс тасвирлаганидан кўра ҳазилкашроқ қаҳрамон кераклигини тушунганликларини айтишади. Фокс ўша пайтда муваффақиятли «Оилавий алоқалар» сериалида роль ўйнаётган эди ва «Келажакка қайтиб» фильмида суратга тушишга рози бўлиб, иккала лойиҳа устида ҳам ишлади.
Эрик Штольц ролга тасдиқланишидан олдин ҳам, студия бош роль учун Си Томас Хауэллни танлаган эди. Шунингдек, Марти Макфлай роли учун Жонни Депп, Жон Кюсак, Чарли Шин ва Ралф Маччио синов учун келишди. Ўз навбатида, бошқа лойиҳада суратга олишдан бош тортган Жон Литгоу олим ролини ижро этиши керак эди. Шунингдек, Дудли Мур, Жеффри Тамбор ва Жеффри Голдблюм номзодлари ҳам кўриб чиқилди.
Кристофер Ллойд олим Альберт Эйнштейн ва британиялик дирижёр Леополд Стоковскийлардан илҳомланиб, докнинг ёрқин образини яратди.
Дастлабки сценарийда Марти Макфлай машҳур фильмларни ноқонуний сотиш билан шуғулланадиган видео қароқчи эди. Аммо кинематографчилар бундай хатти-ҳаракатларни оммалаштирмаслик учун видеоқароқчиликни романтиклаштиришдан воз кечди.
Биринчи фильмнинг бюджети 19 миллион долларни ташкил этди ва 383 миллион доллардан ортиқ даромад келтирди.
«Келажакка қайтиб» — трилогия. Аммо дастлаб фильм яратувчилари фильмнинг давомини режалаштирмаган эдилар. Охирида пайдо бўлган «Давоми бор» ёзуви эса шунчаки ҳазил эди (У фақат DVD дискларида пайдо бўлди ва кинотеатр намойишида йўқ эди). Сценарий муаллифлари тан олишларича, агар улар дастлаб давоми ҳақида ўйлаганларида, фильм охирида Марти Макфлайнинг дугонасини вақт машинасига ўтқазишмас эди. Давомида эса уни ухлатиб, уй остонасида қолдириб, ундан қутулишга мажбур бўлишди.
Бундан ташқари, Клаудия Уэллс онасининг касаллиги туфайли фильмнинг давомида роль ўйнай олмади ва режиссёрлар янги актриса Элизабет Шу билан керакли эпизодларни қайта суратга олиш билан кўп овора бўлишди.
Марти Макфлайнинг отаси ролини ижро этувчи Криспин Гловер эса продюсерлар билан гонорар ҳақида келишиб ололмади. Уни ҳам биринчи қисмдан мавжуд тасвирларни пластик гримдаги актёрнинг иши билан бирлаштириш орқали алмаштириш керак бўлди. Актёрнинг продюсерлар билан келишмовчилиги фильм сценарийсини қайта ишлашга мажбур қилди. Айнан шунинг учун Мартининг отаси ўлими ҳақидаги сюжет пайдо бўлди. Охир-оқибат, актёр унинг образини давомий фильмда рухсатсиз ишлатгани учун судга мурожаат қилди ва катта миқдордаги пулни ютиб олди.
Сценарийнавислар Роберт Земекис ва Боб Гейл давом фильмини яратиш ҳақидаги қарорни қийинчилик билан қабул қилганликларини эътироф этишди. Улар қаҳрамонларни келажакка юборишни ва келажакнинг утопик ёки антиутопик дунёсини ўйлаб топишни истамади, чунки барча футуристик ғоялар воқеликка мос келмаслигини тахмин қилишарди.
Давомни ишлашга рози бўлгач, улар дастлаб фақат битта фильм учун сценарий ёзишди, аммо охир-оқибат сюжетлардан бири кенгайтирилиб, алоҳида учинчи фильмга айланди. Кейинчалик режиссёр студия томошабинлар кутганини алдагани ва иккинчи фильмни кўришдан олдин уларга бу мустақил фильм эмаслиги ҳамда ҳикоянинг якуни фақат «Келажакка қайтиш 3»да бўлиши ҳақида маълумот бермагани учун жуда норози бўлди.
«Келажакка қайтиш 2» Элайжа Вуднинг катта экрандаги дебюти бўлди, у кейинчалик «Узуклар ҳукмдори»нинг юлдузига айланди.
Роберт Земекис ва Боб Гейл «Келажакка қайтиш» ҳикоясига бўлган ҳуқуқлар айнан уларга тегишли бўлишини таъминлашди. Сценарийнависларнинг таъкидлашича, улар ҳаёт экан, Макфлай ва доктор Эммет Браун саргузаштларининг қайта ишланган, янгиланган версиялари ёки давоми экранларда пайдо бўлмайди.
Бироқ «Келажакка қайтиш» бошқа асарларда яшашда давом этмоқда. 1991-1992 йилларда «Келажакка қайтиш» анимацион сериали ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг устида бевосита асл трилогия сценарийнавислар ишлаган. 2004 йилда фильм асосида видео ўйин яратилди ва 2010 йилда бош қаҳрамонлар тарихини давом эттирган тўлақонли компьютер ўйини «Back to the Future: The Game» чиқарилди. 2015 йилда Кристофер Ллойд, Роберт Земекис ва Боб Гейл 10 дақиқалик «Келажакка қайтиб: Доктор Браун дунёни қутқаради» видеоролигини яратиш учун бирлашди. Ўта машҳур «Рик ва Морти» анимацион сериали эса «Келажакка қайтиб»га тўғридан-тўғри ишора қилмасада, унинг машҳур қаҳрамонларига очиқчасига ҳавола қилади.
Буларнинг барчаси фақат кино ишлаб чиқариш доирасида. «Келажакка қайтиб» аллақачон мода индустриясининг бир қисмига айланган. Трилогия бўйича китоблар ва комикслар мавжуд. Бутун дунё бўйлаб фильмлар, сериаллар ва телекўрсатувлар ушбу лойиҳага ҳавола қилади. 2021 йилда эса Британия театр саҳнасида худди шу номдаги мюзикл намойиш этила бошланди.