Ўзбекистонда айрим соҳа вакилларининг ойлиги оширилади
Президент қарори билан 1 январдан маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 20 фоизга, 1 июлдан яна 15 фоизга оширилади.
1 январдан давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи оширилади, дея хабар бермоқда ЎзА нашри. Бу ҳақда 22 ноябрь президентнинг «Маданият ва санъат, ахборот-кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар иш ҳақи миқдорларини ошириш тўғрисида»ги қарори чиқди. Ўша куни давлат раҳбарига маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга оид таклифлар тақдимот қилиниб, 2025 йилдан шу соҳа ходимларининг иш ҳақи оширилиши айтилганди.
Қарорга кўра, давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи қуйидаги миқдорларда оширилади:
- 2025 йил 1 январдан бошлаб — 20 фоизга;
- 2025 йил 1 июлдан бошлаб — яна 15 фоизга оширилади.
Моддий манфаатдорлик ходимнинг иш самарадорлиги (KPI) кўрсаткичларига боғланади. Унда аҳолига маданий хизмат кўрсатиш, айниқса, олис ҳудудларга гастроллар уюштириш, янги асарлар яратиш, иқтидорли ёш ижодкорларни излаб топиш каби мезонлар инобатга олинади.
Шавкат Мирзиёев йиғилишида, шунингдек, 2025 йилдан бошлаб Миллий симфоник оркестр ходимларининг ҳам иш ҳақлари оширилиб, муносиб моддий рағбатлантириш ҳақида сўз борган.
Оркестр жамоаси томонидан давлат буюртмаси асосида ҳар йили янги мусиқий асарлар яратилади, маҳоратли дирижёр, оркестр ижрочиларининг маҳорат мактаблари фаолияти йўлга қўйилади. Оркестр жамоасининг ҳудудлар ва хорижий гастроль сафарлари ташкил этилади, йирик корхона ва ташкилотлар ходимлари учун концерт намойишлари ташкил этилади, дея маълум қилинган президент иштирокида ўтган йиғилишда.