Linkin Park ўтган етти йил ичида биринчи альбомини чиқарди. Гуруҳнинг From Zero муҳим пластинкаси учун тақриз
Linkin Parkнинг “From Zero” янги альбомининг номи шубҳали: жамоа “нолдан” мусиқа ёзиш ўрнига олдинги альбомлардаги хитларга ҳаволалар билан батафсил акс эттирилган ўнта қўшиқни чиқарди. Аммо буни минус деб аташ қийин – бу балки жамоанинг қайтишидан кейинги биринчи альбоми ва мухлисларнинг кайфиятини синчковлик билан текшириш бўлиши мумкин ва Майк Шиноднинг янада кескин тажрибаларини келгусига қолдирди. Нима бўлганда ҳам, Linkin Parkяна қайтди - бу мусиқа оламидаги йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири ҳисобланади. Тоping.uz альбомни тинглади ва ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
Linkin Park унчалик ҳам машҳур бўлмаган Dead Sara гуруҳининг хонандаси Эмили Армстронг билан шартнома имзолашда қандай таваккал қилганини тасаввур этиш мумкин. Аммо бу янгиланишнинг мумкин бўлган ягона варианти эди: эркак солистни танлаш Честер Беннингтон билан чексиз таққослашга олиб келган бўларди.
Микрофонни Эмили қўлига бериб, Linkin Park хонандалар қарама-қаршилигини камайтиришга ҳаракат қилган - уларни ҳақиқатан ҳам тартибга солиш қийин. Ҳа, янги таркибдаги илк концертлар Армстронг ўтган йиллардаги мураккаб хитлар - Faint, Crawling, One Step Closerни қийинчилик билан ижро этаётганини намоён қилди. Шундай бўлса-да, янги альбомнинг биринчи сингли умид уйғотарди - қўшиқ Честер эмас, балки Эмили учун яратилганлиги дарҳол кўзга ташланади.
The Emptiness Machine альбомни очиб, Linkin Park нима сабабдан оммани айнан шу трек орқали янги материал билан таништиришни бошлагани тушунарли бўлади. Кучли ва бой композиция Армстронгнинг ўзи томонидан уни мухлислар танқид қилишини олдиндан кўргандек гўё: “Мен бунинг охири нима билан тугашини аниқ биламан - шунинг учун мени фош қилишларига рухсат бераман”; “Эга бўла олмаслигимга нима учун умид қилаётганимни ўзим ҳам билмайман”; “Сиз мени қандай сиймода кўрмоқчи бўлган нарсага ўзимни бахш этаман”. Шубҳасиз, ҳар бир қўшиқ инсонларда турлича жаранглайди, аммо шуни таъкидлаш керакки, умуман гуруҳ ва Эмилининг ўзи ҳам оммани ҳолат қаршисида қўяди - эски мухлислар бизни қандай қабул қилишини жуда яхши тушунамиз, лекин биз барибир уриниб кўрамиз.
Кўриниб турибдики, Linkin Park синглларни чиқариш кетма-кетлигига синчковлик билан ёндашган. Шу жумладан Майк Шиноданинг лапарлари туфайли The Emptiness Machine ортидан гуруҳ Heavy is the Crown - Faintга ҳаволаларни ўз ичига олган дастлабки альбомлар руҳидаги яна бир шов-шувли трекни чиқарди. Бу ерда ҳам - Честер ва Эмили ўртасидаги таққослашга нисбатан анча шаффоф ишора мавжуд: трекда Армстронгнинг “This is what you asked for” мисрасидаги чўзиқ скрими учраб, бу “Given Up” қўшиғига яққол таъсирдир, унда Беннингтон ҳам тахминан 17 сония давомида “misery” сўзини чўзиб айтган. Эмили ўз имкониятларини айнан “Сиз ахир буни кечирдингиз-ку” иборасида намоён этади – бу рамзий маънога эга.
Масала хонанда тиғиз жадвалда концертларни сифатли ижро эта оладими ёки йўқлигида. Ҳатто Heavy is the Crown премьерасида ҳам қўшиқ охирида унинг овози қанчалик ўзгаргани билинади ва бу товуш пайчалари учун ҳам яхши эмас. Аммо ҳозир биз From Zero ва овоз ёзиш жараёнлари ҳақида сўзлаяпмиз, демакки, ўз-ўзидан вокалга нисбатан ҳеч қандай эътироз бўлмайди.
Деярли барча қўшиқлар у ёки бу даражада Linkin Parkнинг рамзий композицияларига ўхшайди. Cut the Bridge қўшиғининг нақоратида Bleed It Outга нисбатан ишорани сезмаслик мумкин эмас, Over Each Other ашуласи эса мураккаб муносабатлар ва тушунмовчиликлар ҳақида - бу аллақачон One More Light руҳида, Честернинг азобланишига сабаб бўлган (эҳтимол, уни бутунлай хароб қилган) Linkin Parkнинг энг мунозарали альбоми.
Нисбатан хотиржам Over Each Other кўринишидаги кичик танаффус пластинканинг энг оғир композицияси - Casualty билан алмаштирилади. Трек бу сафар “мени тинч қўй, озод эт, мен сенинг барча сирларингни биламан ва сенинг қурбонинг бўлмайман” мазмунидаги носоғлом муносабатлар мавзусини кўтаради. Шунга ўхшаш йўналиш IGYEIH (I Gave You Everything I Have – “Мен сенга ҳамма нарсани бердим”)да ҳам кузатилади, унда Эмили “ўз хатоларини тан олмаган иблисга” мурожаат қилади.
Альбом мусиқачиларнинг Честер Беннингтоннинг ўлимидан кейинги нафис ва оҳиста “Good Things Go” треки билан якунланади, бу ерда Честер Беннингтоннинг ўлимидан сўнг энди ўзларига келган мусиқачиларнинг етти йиллик кайфияти ҳис қилинади: “Бошимда юзлаб кунларнинг жаласи; кўзгуга қарайман ва бошқа чеҳрани кўраман; кўзларимдан нур қидираман – лекин унда бўшлиқ”. Ва яна Linkin Parkнинг асосий хитларидан бири - Crawling трекига ҳавола пайдо бўлади: “Only you could save me from my lack of self-control” (“Фақат сен мени ўз-ўзини назорат қилиш етишмаслигидан қутқара оласан”) сатри гўё “This lack of self-control I fear is never-ending” (“Ўз-ўзини назорат қилиш етишмаслиги ҳеч қачон ўтиб кетмайди, деб қўрқаман”)га қарама-қарши қўйилади. Айнан Good Things Go Майк ва Эмили дуэтининг кучини мусиқачилар нафақат Heavy is the Crown каби жангари қўшиқларда, “Майк лапарларни ўқиши, Эмилининг нақоратларга мубтало бўлиши”га одатдагидек бўлинган ҳолда, балки меъёрдаги теран композицияларда жуда ҳам яхши намойиш қилади.
***
From Zero жуда сифатли ва ранг-баранг кўриниш касб этди. “Честер Беннингтон даври” композицияларига нисбатан кўплаб ҳаволалар - креативлик етишмаслигидан эмас, балки марҳум фронтменга, нолинчи даврнинг бош рок гуруҳларидан бири сифатидаги меросига, эски мухлисларига ҳам ҳурматдир. Янги альбомда гуруҳ ўз услубини сақлаб қолишга муваффақ бўлди: драйвли ва эсда қоларли оҳанглар, бир-бирига ўхшамайдиган қўшиқлар - ва шу билан бирга, уларнинг ҳар бирида Linkin Park қайди яққол сезилади. Гарчи баъзи треклар яхши эсда қолмаса-да (Overflow, Stained), бу кўпроқ шахсий афзалликлар масаласига тегишлидир.
Эҳтимол, ашаддий мухлислар Эмилини ҳам, From Zeroни ҳам тан олмасликлари мумкин. Аммо, биринчидан, буни ҳеч нарса қилиб бўлмайди, иккинчидан эса, гуруҳ босим ва танқидга бардош бера олди. Linkin Parkнинг етти йиллик сукунати ичида замон ўзгарди - ва табиийки, бу билан гуруҳ ҳам ўзгарди. Ва у янги воқеликда ҳам ўз услубига эгалиги бизни фақат хурсанд қилади.