Ой сарҳисоби: Январда Ўзбекистонда ва дунёда нималар содир бўлди?

Январь ойи ҳам якунига етди. 2025 йилнинг биринчи ойи қизғин воқеаларга бой бўлди. Toping.uz январнинг энг муҳим ва диққатга сазовор янгиликларини бир мақолага жамлади.
Ўзбекистон ва жаҳонда январь ойи янгиликларга бой бўлди. Бу ойни ўқувчилар айниқса Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити» сафига қўшилгани ва дебютини ўтказгани билан эслаб қоладиган бўлди.
Ўзбекистон учун муҳим трансфер
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов 20 январь куни расман «Манчестер Сити» футболчисига айланди. У Англия Премьер лигасида ўйнайдиган илк ўзбекистонлик футболчи бўлди.
20 ёшли ҳимоячи инглиз клуби билан 2029 йилга қадар шартнома имзолади. Франциянинг «Ланс» клуби унинг трансферидан бонуслар билан биргаликда 40 млн евро ишлаб олди.

Англия Премьер-лигасининг 23-турида «Манчестер Сити» «Челси»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувда «Сити»нинг яқинда трансфер қилинган ўзбекистонлик марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов дебют ўйинини ўтказди.
Эртадан барча поездларда нарх кўтарилади
«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 1 февралдан бошлаб маҳаллий йўналишдаги поезд чипталари нархи яна оширилишини маълум қилди.
Хусусан, «Афросиёб» билетлари 20−25 фоизга, «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» билетлари эса 30 фоизга кўтарилади. Шунингдек, 1 февралдан маҳаллий йўналишдаги йўловчи (ётоқли) поездлар чипта нархининг тариф қисми ҳам 10,5 фоизга оширилади.

Нархлар темирйўл инфратузилмаси харажатлари, электр, ёқилғи ва транспорт харажатларини қоплаш, юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларни харид қилиш ва йўловчи вагонлари паркини янгилаш, вокзаллар фаолиятини замонавий талабларига мувофиқ олиб бориш ва йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида оширилмоқда.
Жеки Чан яна ўзбек тилида гапиради
Кинопоиск онлайн платформасида Жеки Чан иштирокидаги «Панда» операцияси" фильми намойиш этила бошлади. Премьера ўзбек тилига ҳам дубляж қилинган.

Таржима ва дубляжни аввалроқ «Таржимон», «The Equalizer» , «Ножентлменча ишлар вазирлиги», «Гарфилд», «Bad Boys: Ride or Die» ва бошқа фильмларни ўзбек тилига ўгирган «Китчен Русциа» дубляж студияси амалга оширди.
Блогер Жасжан яна қамалиб чиқди
Тошкентда Жасжан номи билан танилган блогер Instagramʼга видео олиш учун жамоат жойида бир қиз билан жанжал уюштирди. Суд унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси, қизга эса 375 минг сўм жарима тайинлади. Блогер аввал ҳам бир неча бор қамоқ жазосини ўтаб чиққан.

Суд Жасурбек Шодиевни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топган ва унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган. Жазо ўталганидан сўнг ундан маъмурий қамоққа олинганларни сақлаш муассасаси фойдасига маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун БҲМнинг 15 фоизи миқдорида маблағ ундириш белгиланган.
CapCut учун янги рақобатчи пайдо бўлди
Instagram ижтимоий тармоғи Reels роликларини таҳрирлаш учун янги илова — Editsʼни тақдим этди.
Илова TikTokʼда пост қилиш учун видеоларни монтаж қилиш имконини берувчи CapCut нусхаси ҳисобланади.

Instagram раҳбари Адам Моссерининг айтишича, Edits телефонда қисқа видеолар яратувчилар учун ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон терма жамоасида мураббий алмашди
Сречко Катанец истеъфосидан сўнг Тимур Кападзе Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда мамлакат футбол ассоциацияси хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, 22 январь куни словениялик мутахассис футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигидан кетганди. Унинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан тузилган шартнома бекор қилинган.

Словениялик мураббий ўз мурожаатида ҳозирги ҳолатида вазифаларини тўлақонли, профессионал тарзда бажара олмаслигини афсус билан қайд этган. Доимий қўллаб-қувватлагани ва самарали ҳамкорлик учун ассоциацияга ўз миннатдорчилигини билдирган ва терма жамоага Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида омад тилаган.
Совуққа чидамли бўлсангиз, сизга иш бор
Антарктидадаги станцияларда ошпаз, дурадгор, электрик ва сантехниклар учун бўш иш ўринлари эълон қилинди. Бу ҳақда Британия Антарктика тадқиқоти (BAS) хабар берди.
Ходимларга йилига 66 000 еврогача иш ҳақи, бонуслар, ҳақ тўланадиган турар жой, овқатланиш, транспорт ва махсус кийим таклиф этилмоқда. Бироқ иш жойи дунёнинг энг жанубий қитъасида жойлашган.

Ишни май ойидан бошлаш мумкин ва иш ҳақи касбга қараб йилига 34 000 дан 66 000 еврогача ўзгариб туради. Таққослаш учун, Германияда ошпазлар ўртача 32 300 евро, электрчилар эса 41 760 евро маош олади.