Сурхондарёлик Дилором Йўлдошева BBC тузган дунёнинг руҳлантирувчи 100 аёли рўйхатига кирди
BBC 2024 йилги дунёнинг энг руҳлантирувчи ва катта таъсирга эга 100 аёли рўйхатини эълон қилди. Улар орасида Нобель совриндори, зўравонликка қарши фаол, актриса, олимпиячилар ва деновлик тикувчи, тадбиркор Дилором Йўлдошева ҳам бор.
BBC нашри дунё бўйлаб катта таъсирга эга ва илҳомлантирувчи 100 нафар аёлнинг рўйхатини шакллантирди. 2024 йилги рўйхатдан бахтсиз ҳодиса ортидан 2 оёғидан айрилган деновлик тикувчи ва тадбиркор Дилором Йўлдошева ҳам ўрин олди.
Нашр берган маълумотга кўра, 2022 йилда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи Дилором Йўлдошева ўрим-йиғим пайтида бахтсиз ҳодиса туфайли икки оёғидан айрилган. У янги касб-ҳунарларни ўрганиш баробарида пул топишлари учун ўзбекистонлик ёш хотин-қизларга ҳам кўмаклашмоқчи бўлган, шу боис ўзининг тикувчилик бизнесини очишга қарор қилган.
«У тадбиркорлик ва ресурсларни бошқариш асосларини ўрганди. 40 дан ортиқ шогирд тайёрлади. Бир неча ойнинг ўзида бизнеси сезиларли даражада ўсди. Бепул машғулотлар ўтказа бошлади. Ишчилар ва мактаб ўқувчилари учун кийим-кечак ишлаб чиқариш бўйича шартномалар тузди. Ўшандан бери унинг бизнеси ўзи ва бошқа ўнлаб аёллар учун даромад манбаига айланди», — дея келтирилади аёлга берилган таърифда.