Ўзбекистон ва Танзания ҳаво қатновини ташкил этишга келишди
Икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 21 тагача авиақатновларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон ва Танзания ўртасида ҳаво қатнови бўйича ҳукуматлараро битим тузилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
24-октабр куни ICAN-2024 тадбири доирасида Транспорт вазирлиги делегацияси ва Танзания авиация ҳукумати ўртасида музокаралар ўтказилди. Унда томонлар ўзаро юк ва йўловчи ташувларини йўлга қўйиш масалаларини кўриб чиқишди.
Музокаралар якунида икки мамлакат ўртасида йўловчи ташиш бўйича ҳафтасига 21 марта, юк ташиш бўйича эса чексиз авиақатновларни амалга оширишни йўлга қўйиш юзасидан келишув имзоланди.
Танзания Ўзбекистон учун янги йўналиш ҳисобланади. Мамлакатнинг мўътадил об-ҳавоси, Занзибар ороли ҳамда Климанжаро тоғлари Ўзбекистоннинг туристик компаниялари ҳамда авиакомпаниялари учун транзит туристлар оқимини ривожлантириш имконини бериши қайд этилди.
Шунингдек, мамлакат аҳолиси учун зиёрат туризмини йўлга қўйиш бўйича Туризм қўмитаси ҳамда авиакомпаниялар учун ҳам шароит яратилиши мумкин.