Ўзбекистон вакили илк бор «Дунё гўзали» танловида қатнашди. Бизнинг натижалар қандай?
Таниқли модель Нигина Фахриддинова Ўзбекистон номидан «Дунё гўзали» танловида иштирок этди.
17 ноябрь куни Мексикада «Miss Universe» гўзаллик танлови якунланди ва Ўзбекистон вакили Нигина Фахриддинова ўзининг Instagram саҳифасида тадбир якунлари ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
«Афсуски, биз ҳатто топ 30 ликка ҳам кира олмадик», — деди Нигина.
У ўз изоҳида ҳакамлар ҳайъатининг баҳоси унчалик холис бўлмаган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
«Кўпчилик ҳозир натижалардан ҳайратда, аммо энг муҳими, мен бир нарсани аниқ биламан: томошабинлар ҳамма нарсани кўрди, биз ҳаммамиз кўрдик — ким энг яхши, ким йўқ, ким муносиб, ким эмас», — деди Фахриддинова.
Шунингдек, у ўз мухлисларига ва уни танловда қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдирди.
«Мен билан бирга бўлганингиз ва мени қўллаб-қувватлаганингиз учун барчангизга катта раҳмат. Мен бир нарсага аминман: сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз билан мамлакатимизни ўз кучим билан муносиб равишда тақдим этдим», — дея қўшимча қилди Нигина.
Фахриддинова танлов натижаларидан кўнгли тўлмаганига қарамай, иймон-эътиқоди бутун ва ўз кучига ишонган ҳолда қолди.