Барча вазирлик ва идоралар Янги Тошкентга ўтказилади
Ўзбекистондаги барча давлат ижроия ҳокимияти органларини (вазирлик ва идоралар) Янги Тошкент ҳудудига кўчирилади. Бу ҳақда президент пойтахт бўйлаб «яшил белбоғ» ташкил қилиш бўйича тадбирда маълум қилди.
«Яшил макон деганимиз бу бежиз эмас, бу — келажагимиз. Худо хоҳласа, мана Янги Тошкентни қуриб, ижро органини ҳаммасини Янги Тошкентга кўчиришни режа қиляпмиз. Тасаввур қилинглар катта машиналар кирмайдиган, тирбандликлар йўқ [ҳудуд] бўлиб, одамлар бундан фақат фойда кўради», — деди президент.
2023 йил март ойида президент Янги Тошкент қурилиши бошланганини билдирувчи капсулага тамал тоши қўйган эди, дея эслатмоқда нашр. Шаҳар 1 миллион аҳолини сиғдира олиши кутилмоқда.
Бу ерда давлат муассасалари, олий ўқув юртлари ва бошқа объектлар жойлашишини таъкидлади. Ҳозирда вазирлик ва идоралар жойлашган бино ўрнида меҳмонхоналар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини очиш режалаштирилган. «Тошкент замонавий туризм ва бизнес марказига айланади», — деганди ўшанда давлат раҳбари.