Ўзбекистонда март ва августдан иш ҳақи, пенсия ҳамда нафақалар ошириладими?


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар 2025 йил 1 мартдан ва 1 августдан 10 фоизга оширилиши тўғрисида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
«Иш ҳақи ва пенсиялар бўйича ҳар қандай расмий маълумотлар тегишли давлат органларининг расмий манбалари орқали эълон қилинади», дейилади вазирлик хабарида.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ишончли манбаларга таянишни ва текширилмаган хабарларни тарқатмасликни сўради.
Ўзбекистонда охирги марта 2024 йил сентябрда пенсиялар ва нафақалар 15 фоизга оширилган эди. Хусусан, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ойига 428 минг сўм, ёшга доир энг кам пенсия миқдори ойига 834 минг сўм этиб белгиланди.
1 октябрдан буджет ташкилотлари ходимларининг маоши 10 фоизга, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг маоши эса 15 фоизга кўтарилганди. Бунда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 1 155 000 сўм, базавий ҳисоблаш миқдори — 375 000 сўм этиб белгиланганди.