ЖЧ учун йўлланма. Ўзбекистон муҳим ўйинда Қатарга мағлуб бўлди
ЖЧ-2026 ҳал қилувчи саралаш босқич 5-тури доирасида Ўзбекистон миллий жамоаси Қатар билан ўйинда аламли мағлубиятга учради.
Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги Жассим Бин Ҳамад стадиони 14 ноябрь куни ЖЧ-2026 саралаш босқичидаги муҳим ўйинга мезбонлик қилди.
Унда Ўзбекистон терма жамоаси Қатарга қарши баҳс олиб борди. Биринчи таймда Қатарнинг яққол устунлиги сезилди, бу ҳисобда ҳам акс этди — 2:0.
Иккинчи бўлимда эса йигитларимиз жамоавий ҳужумни намойиш этиб, Аббосбек Файзуллаевга имкониятлар яратиб беришди. Натижада Аббос ҳисобни тенглаштирди.
Ўзбекистон томонидан тўлиқ назорат қилинган таймда тўхталишлар жуда кўп бўлди. Жалолиддин Машарипов симуляция учун сариқ карточка ҳам ишлаб олди.
90+12-дақиқада ҳимояда фол ишлатилгани учун Ўзбекистон дарвозаси томони жарима зарбаси белгиланди. Акрам Афиф томонидан тепилган тўпни Лукас Мендес дарвозага жойлаб қўйди.
Якуний натижа эса 3:2 кўринишида бўлди. Ҳакам шундан сўнг дарҳол ўйин якунланганини эълон қилди. Шу тариқа Ўзбекистон термаси меҳмонда муҳим 3 очкони йўқотди.
Ўйиннинг биринчи даврасида жамоамиз сардори Элдор Шомуродов оёғидаги эски жароҳати сабабли майдонни тарк этди. Шунингдек, Отабек Шукуров ҳам оёғидан зарб егани боис майдонда нофаол ҳаракатланди.
Айни пайтда Ўзбекистон гуруҳда иккинчи ўринда бормоқда. Биринчи тур якунига кўра, биз энг яқин таъқибчиларимиздан 3 очко олдиндамиз. Энди ҳаммаси жавоб учрашувларидаги ҳаракатга боғлиқ.