Дам олиш кунлари ҳаво булутли бўлади


Дам олиш кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳаво булутли бўлиши кутилмоқда. Айрим жойларда ёмғир ёғади, ҳарорат кечаси +5…+10, кундузи +15…+17 даражагача пасаяди.
Дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳаво бироз булутли бўлиши кутилмоқда. Баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилиши мумкин, дея хабар берди Ўзгидромет.
Фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудлари — Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Навоий вилоятининг шимолида ёғингарчилик кутилмайди.
Ҳаво ҳарорати жума куни +18…+21 даражагача, шанба куни +14…+17 даражагача пасайиши давом этади.
Якшанба куни фақат тоғолди ва тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида қуруқ об-ҳаво кузатилади. Кечаси ва кундузи ҳаво нисбатан салқин бўлади, ҳарорат кечаси +5…+10 даражагача пасаяди, кундузи эса қуёш нурлари ҳавони +20…+23 даражагача иситади.
Шамол 7−12 м/с тезликда эсади, айрим жойларда 15−20 м/с гача кучаяди. Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Тошкент шаҳрида 18 апрель кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат +18…+20 даража бўлади. Шанба куни кечаси ва эрталаб бироз ёмғир ёғиши мумкин, кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси +8…+10 даража, кундузи +15…+17 даража бўлади.
Якшанба куни ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси +7…+9 даража, кундузи +18…+20 даража бўлади. Шамол шарқдан 5−10 м/с тезликда эсади.