Saneg Тошкентда ўзининг илк шахсий автоёқилғи қуйиш шохобчасини очди
Компания пойтахт аэропорти яқинида яна бир кўп функцияли АЁҚШ барпо этишни режалаштирмоқда.
Saneg компанияси Тошкентда ўз бренди остида автоёқилғи қуйиш шохобчаси очилганини маълум қилди. У компания тармоғидаги 20-шохобча бўлди.
Ёқилғи қуйиш шохобчаси Бектемир туманидаги Катта ҳалқа автомобиль йўлида жойлашган. Ҳозирда пойтахтда SEG Tasco бренди остида франшиза асосида иккита АЁҚШ фаолият юритмоқда, бироқ янги манзил Тошкентда биринчи бўлиб, компания томонидан бевосита бошқарилади.
Шохобчада кунига 1300 та автомобилга хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлган АИ-92, АИ-95, АИ-98 бензинлари ва дизель ёқилғиси учун саккизта ёқилғи қуйиш колонкаси ўрнатилган. Электромобил эгалари учун зарядлаш пункти ҳам мавжуд.
Шунингдек, АЁҚШ ҳудудида қаҳвахона ва мижозлар учун дўкон жойлашган. Яқин келажакда Италиядаги Saneg заводининг маҳсулотларини таклиф этувчи тезкор мой алмаштириш пункти очилиши кутилмоқда.