РУ
O’Z
UZS
/
/
Ҳафта инсони: Таниқли рэпер Далимжанов
23.10.2024

Ҳафта инсони: Таниқли рэпер Далимжанов

Ҳафта инсони: Таниқли рэпер Далимжанов
Муаллиф

«Ҳафта инсони» рукнининг бу сафарги меҳмони — машҳур рэпер ва бастакор Шаҳбоз Далимжанов. Биз ижрочи билан санъат соҳасидаги фаолияти, рэп жанрининг ўзига хосликлари ва келажакдаги режалари ҳақида суҳбатлашдик.

Рэперлик ижод йўлига киришга сизни нима ундади ва илк қўшиғингизни қандай эслайсиз?

Ижодкорлар оиласида туғилганман. Онам актриса, отам санъат институтида дарс берганлар. Акам ҳам мусиқа мактабини тугатган ва ҳозирда продюсер-мусиқачи. Мен кичкиналигимда ижод қилишни хоҳламаганман, фақат футболни яхши кўрганман ва шу спорт тури билан фаол шуғулланганман. Кейинчалик, қонда бўлгани учун, бу нарса ўз-ўзидан бўлиб кетди.

Ўн етти ёшимдан қўшиқ айтишни бошладим. Биринчи қўшиғимни ўн етти ёшимда чиқардим. «Сомса» қўшиғи ичидан бир қисм TikTokʼка чиқарилди. Агар адашмасам, 2021 йил эди, у вақтда TikTok машҳурликка эришаётганди ва шу боис қўшиғим ҳам машҳурликка эришган.

Хўш, бу қўшиқ треш бўлганми? Ўзим шуни билиб, тушуниб қилганман. Уни яхшигина тармоқларда айланиб, шовқин кўтаргим келган. Ўшанинг учун шунга ўхшаш треклар яратганман. Бундай образ одамларга янгилик бўлгани учун тезда оммалашган. Кўпчилик шу трекдан кейин мени кўчада таниб қола бошлади.

Ўз ижодингизда қандай шахсий тажрибаларни акс эттиришга ҳаракат қиласиз?

Асосан ёшларга, ўзим тенгиларга, мендан кичкиналарга мотивация беришга, ўзим кўраётган нарсаларни баҳам кўришга ҳаракат қиламан. Уларни тўхтамаслигига мотивация беришга, асосан шуни тарғиб қиламан.

Сизга ижодий илҳом манбаи нима бўлади? Кимлар сизни қўллаб-қувватлайди?

Албатта, яқинларим қўллаб-қувватлайди. Оила аъзоларим доим бошланган вақтимдан буён ижодда эмас, нима иш қилсам, қўллаб-қувватлаб келишган. Илҳом манбайим ҳам яқинларим ва атрофимдаги яқин инсонлар.

Қайси ижрочилар сизни илҳомлантиради? Кимларни энг кўп тинглайсиз ва нима учун?

Мен ҳар хил мусиқа эшитаман, фақат реп эмас. Ҳар хил классикани ҳам эшита оламан, янги жанрларни ҳам. Рурэп (рус тилида ижод қиладиган рэперлар) эшитаман, чунки барибир уларни эшитиб бошлаганман. Мен ёқтириб тинглайдиган ижодкорлар: Big Baby Tape, Kizaru, шунингдек, айни пайтда машҳурлик чўққисида бўлган Friendly Thug ва AllBlack.

Айни пайтда қизиқишим йўналиши бироз ўзгарган, немисча реп ва мусиқалар тинглай бошлаганман. Бундан ташқари, туркча репларни ҳам кўп тинглайман. Қисқа қилиб айтганда, меломанман ва жанрдан қатъи назар мусиқа ҳамда ижро ёқса, тинглаб кетавераман.

Мусиқий карьерангизда эришмоқчи бўлган энг катта мақсадингиз қандай?

Албатта, энг катта мақсадим, бошидан белгилаганимдек, ўзбек репини озгина эмас, балки кенг миқёда дунёга олиб чиқишдан иборат. Шу йўлда ҳаракат қиламан ва давом этаман. Мақсадим ўзбек репини янада ривожлантириш, кенг оммага олиб чиқиш ва чет эллардаги машҳур ижодкорлар билан ўзбек тилида дуэтлар ёзишдир.

Бошқа бўлимлардан материаллар