Алиса со скидкой (верхний)
РУ
O’Z
UZS
/
/
Испаниядан қайтган ўзбек аёли ўз брендини яратди,  эндиликда унинг либосларини бутун дунё сотиб олмоқда. “Azukar Moreno” асосчисидан интервью
11.11.2024

Испаниядан қайтган ўзбек аёли ўз брендини яратди,  эндиликда унинг либосларини бутун дунё сотиб олмоқда. “Azukar Moreno” асосчисидан интервью

Испаниядан қайтган ўзбек аёли ўз брендини яратди,                             эндиликда унинг либосларини бутун дунё сотиб олмоқда.  “Azukar Moreno” асосчисидан интервью
Муаллиф

Камола Рустамова Ўзбекистонда туғилиб вояга етган, таълим олган, кейин эса янги билим ва тажриба орттириш мақсадида Испанияга кетган. Ватанига қайтгач, Камола “Azukar Moreno” бренди остида кийим ишлаб чиқаришни бошлади. Йигирма йилдан буён у бутун дунё бўйлаб сотиб олинадиган асл нарсаларни яратади. У билан миллий руҳ, урф ва Нью-Йоркдаги модалар ҳафталиги ҳақида суҳбатлашдик.

image

Yangi yilga eng yaxshi sovg‘ani topdik. BU NIMA?

icon

“Болалигимдан бувимга кашта тикишда ва деталларни танлашда ёрдам берардим”

Камола ижодкорлар оиласида, мусиқачилар, рассомлар, актёрлар муҳитида камол топди. Бу хотираларни у ўзига хос меҳр билан асрайди, чунки айнан улар унинг ўз брендини яратиши йўлида тамал тошини қўйди.

“Болалигим - бу машҳур санъат намояндалари тўпланадиган ёрқин, гавжум давраларда кечган. Бобом расмларни тўплар, санъаткор бувим эса ўзи учун қўлда безатилган саҳна либосларини яратар эди. Болалигимдан унинг ёнида ўтириб, кашта тикиш ва деталларни танлашда ёрдам берар эдим”.

Оилавий анъаналар Камола учун тафсилотлар ва нозик дид қанчалик муҳимлигини кўрсатувчи биринчи сабоққа айланди. Камоланинг эслашича, унинг онаси ҳар доим унга ва синглисига услуб туйғусини сингдирган ҳолда фарзандларини чиройли кийинтиришга ҳаракат қилган.

“Онам доим кийим шунчаки буюм эмас, балки шахсиятнинг аксидир, деб айтарди”, - деб эслайди дизайнер.

Бу сабоқ унинг келгусида кийимни инсонни безаши ва унинг ички дунёсини гавдалантириши керак бўлган санъат сифатида кўришига асос бўлди.

Бироқ Камоланинг модага нисбатан иштиёқи кучлилигига қарамасдан у ўз мақсадига эришиш йўлини тезда топа олмади. У университетда Ўзбекистонда кийим дизайни факультетида ўқиётганида “дизайнер” касби эндигина шакллана бошлаётган эди. Ўқитувчилар мода бизнесини юритишнинг амалий жиҳатларидан кўра кўпроқ либос ва рассомчилик тарихига эътибор қаратишарди.

“Бизга андаза яратиш ва композиция билан ишлашни ўргатишган, лекин дизайнер брендни тарғиб қилиши кераклиги ҳақида ҳеч ким айтмаган. Мен бундай тушунчага кейинроқ келдим”, - деб ҳикоя қилади у.

“Испания мода ҳақидаги қарашларимни бутунлай ўзгартириб юборди”

Испанияга қилган сафари унинг фаолиятида ҳал қилувчи лаҳза бўлди. Дастлаб Камола Парижда ёки Миланда ўқишни давом эттиришни режалаштирганди, аммо бу жуда ҳам қимматга тушишини ўйлаб, таҳсил учун у Мадридни танлайди.

“Мен Испанияга илҳом олиш учун борган эдим, лекин айнан ушбу  мамлакат менга бундай кўникмаларни беради деб ўйламагандим. Дастлабки ойларда мен муҳитни ўзлаштирдим, маҳаллий маданиятни ўргандим. Испания мода ҳақидаги тушунчамни бутунлай ўзгартириб юборди”.

Камола келганига бор-йўғи бир неча ой бўлгач, у ўзининг илк тўпламини яратганини ва у дарҳол хорижда муваффақият қозонганини эсга олади.

Испанияда у мода бизнесининг энг муҳим жиҳатини - сотиладиган кийимлар яратишни ўрганди. Ўзбекистонда ўша давр дизайнерлари кўпроқ буюртма асосида ишлашган, санъаткорлар ёки алоҳида мижозлар учун подиум либосларини яратишган. Испанияда эса Камола тўпламларни қандай қилиб сотиладиган қилиш ҳақида ўйлаш зарурияти билан тўқнаш келди.

“Менинг Испанияда олган асосий сабоғим - қандай қилиб ижодни монетизациялаш, мижозлар яна ва яна қайтадиган бренд яратишни тушуниш бўлди”.

АзукарМорено бренди номи ҳам Испанияда туғилган. Камола энага бўлиб ишлаган дастлабки йилларда кичкина бола уни “азукар”, яъни испанча “шакар” деб атаганини эсга олади. Болакайнинг фамилияси - Морено эса унинг учун келгусидаги брендининг иккинчи таркибий қисмига айланди.

“Тахаллус менинг бир қисмимга айланди, 2014 йилда Ўзбекистонга қайтгач эса ўз бизнесимни ривожлантиришга қарор қилдим, айнан шу ном менинг брендим номи бўлиши кераклигини тушуниб етдим”.

Аммо асосий мавзуга қайтсак: қандай қилиб жуда ҳам ҳар хил бўлган икки дунё - Ўзбекистон ва Испаниянинг тўпламлари уйғунлашди? Бу мамлакатларнинг маданиятлари бир-биридан фарқ қилишига қарамай, улар кўплаб ўхшашликларга эгалигига Камоланинг ишончи комил.

“Мен учун Ўзбекистон ва Испания, айниқса, анъана ва маданият жиҳатидан жуда ўхшаш. Ўзбек матоларига испанча элементларни сингдириш мен учун осон кечди. Бу ҳаракат талаб қилмайдиган табиий жараён бўлиб, гўёки икки дунё ўз-ўзидан бирлашишга интилгандек эди”.

Унинг асарларида уйғунлик мужассам. Ўзбек матолари, масалан, адрас ва хон атлас испанча руҳ, ёрқин бўёқлар, ҳис-туйғулар билан бирга ҳар иккала маданиятни акс эттирувчи эҳтиросни шакллантирган. Ҳар бир тўплам тафсилотлар, қиёфалар ва ноёб материаллар орқали ҳикоя қилинган тарихдир.

“Менинг брендим онглилик, анъаналар ва асллик билан уйғунлашган”

“Вазифам - тарихни ҳикоя қиладиган ва инсонларни ҳис этишга ундовчи руҳдаги либослар яратиш” – деб таъкидлайди Камола.

Бугунги кунда АзукарМорено бренди муваффақиятли ривожланмоқда, унинг асосчиси эса янги жойлардан илҳом олган ҳолда дунё бўйлаб саёҳат қилишда давом этмоқда. 2024 йилнинг сентябр ойида у Нью-Йоркдаги модалар ҳафталигида бўлиб, у ерда ўзининг сўнгги асарларини намойиш этди. Бироқ тез-тез саёҳат қилишига қарамай, у яна ишининг асосий қисми жойлашган Тошкентга қайтади.

“Менинг ҳаётим - бу икки дунё ўртасидаги доимий ҳаракат. Бизнесим Тошкентда бўлса-да, лекин мен ҳар доим яна саёҳатга чиқиш ва илҳом олиш учун имконият топа оламан”.

Унинг мода ҳақидаги фалсафаси оддий ва кўпчиликка яқин: ҳар томонлама қулайлик ҳамиша трендда бўлади.

“Агар қизнинг либоси қулай бўлса, у жуда яхши кўринади”, - дейди Камола.

У мода ортидан қувмайди, балки одамлар ўзларини бемалол ва эркин ҳис қиладиган либосларни ишлаб чиқаради.

Ўзининг мода саноатидаги 20 йиллик фаолиятида Камола Рустамова узоқ йўлни босиб ўтди. У мижозларга қувонч бахш этадиган тўпламларни тақдим этмоқда ва бу унинг учун асосий мотивацияси бўлиб қолмоқда.

“Биз орзуларимизни амалга оширмоқдамиз. Мен учун энг муҳими - кийим одамларни қанчалик бахтли қилишини кўриш”. 

Камола учун АзукарМорено бренди шунчаки бизнес эмас, балки унинг йўли, маданий мероси ва модага бўлган муҳаббатининг тимсолидир.

“Менинг брэндим онглилик, анъаналар ва асллик билан уйғунлашган”. Бу учта сўз “Азукар Морено”га ‘нг яхши таъриф беради.

Бу сўзларда унинг ижодининг бутун моҳияти - маданий меросни чуқур англаб етиш, ҳақиқий нимагадир интилиш ва ҳар бир инсондаги ўзига хосликка ҳурмат мужассамдир.

Бошқа бўлимлардан материаллар

Buyurtma qoldiring

Bizning menejerlarimiz yaqin orada siz bilan bog‘lanadi.

Yangi Shop Tashkent

map-pin

Малика, магазин 6а

Сотувчи
phone

+998901777516

telegram-logo

@yangishoptashkent

Раҳмат, аризангиз қабул қилинди.