Ўзбекистон ва Малайзия олий таълим муассасалари иштирокида консорциум ташкил этилади
Ўзбекистон «Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази» лойиҳа офиси директори Адҳам Худойқулов бошчилигидаги делегация Малайзиянинг Перак штатидаги Султон Идрис таълим университетида (UPSI) бўлди.
Ўзбекистон делегацияси Султон Идрис таълим университетининг Нанотехнологиялар лабораторияси, Имконияти чекланган болаларни касбга ўргатиш маркази, ёш болалар физиология ва психологиясини ўрганишга қаратилган мактабгача таълим муассасаси, «Келажак синфхонаси» лойиҳаси ва университетда талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар учун яратилган замонавий шароитлар билан яқиндан танишди.
Мазкур университет раҳбарияти билан Ўзбекистон ва Малайзия олий таълим муассасалари иштирокида консорциумини ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказилди. Унинг натижасида ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича дастлабки чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, Ўзбекистон тадқиқотчилар учун Малайзия университети лабораторияларидан фойдаланиш имкониятини яратиб бериш, ўзаро илмий-тадқиқот лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Султон Идрис таълим университети THE рейтингида 601-800 ўриндан жой олган. Университет Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда республикада иккита малай тилини ўргатиш марказлари фаолиятини йўлга қўйган.