Ҳомиладор аёллар қаҳва ичиши мумкинми?
Шифокорлар кунига 200 миллиграмгача кофеин истеъмолини чеклашни тавсия этадилар [1]. Бу кўп жиҳатдан анъанавий тақиқ: қадимдан шундай қабул қилинган. Келинг, бу тақиқнинг қанчалик асосли эканлигини тушунишга ҳаракат қиламиз.
200 мг кофеин - бу неча пиёла?
Шуни тушуниш керакки, кофеин фақат қаҳвада эмас.
200 мг бу:
икки пиёла эрувчи қаҳва;
бир пиёла фильтрдан ўтказилган қаҳва;
икки пиёла чой;
бешта банка кола;
400 грамм қора шоколад [2].
Бироқ, сўнгги икки ҳолатда кофеинга қараганда шакардан кўпроқ зарар кўрасиз.
Ҳомиладорлик пайтида қаҳва қандай зарар келтириши мумкин?
Анъанага кўра, қаҳва эрта муддатда ҳомила тушишига, муддатидан олдин туғилишга ва чақалоқнинг туғилганда вазни етарли бўлмаслигига олиб келиши мумкин деб ҳисобланарди. Аммо аслида бу борада жиддий клиник тадқиқотлар ўтказилмаган. Ушбу мавзуга оид илмий нашрлар таҳлили шуни кўрсатдики [3], қаҳванинг зарари ҳақидаги кенг тарқалган тасаввурлар анча бўрттириб юборилган экан. Кунига уч финжондан кўп қаҳва ичган аёллар ҳам ўз вақтида туғишган. Уларнинг болалари ҳам худди ҳомиладорлик пайтида қаҳвадан онгли равишда воз кечган аёлларники каби соғлом туғилган.
Бироқ, бу истаганча қаҳва ичиш мумкин дегани эмас. Ҳаддан ташқари кўп кофеин истеъмол қилиш уйқу муаммоларига олиб келади, кўнгил айнишини кучайтиради, юрак уришини тезлаштиради ва пешоб тез-тез такрорланишига сабаб бўлади [4]. Шунинг учун қаҳва, чой, кола ва шоколадни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Қаҳва келажакда болада жиддий касалликларни келтириб чиқариши мумкин, деган гап ростми?
Эҳтимол, бу фикрни ҳам нотўғри қарашлар қаторига киритиш мумкин. Бу ғоя кофеиннинг таъсири бўйича тадқиқотлар эндигина бошланган пайтда кузатилган. Кейинчалик бу дастлабки маълумотлардаги хатолик бўлиб чиққан. Дарҳақиқат, агар она кунига 900 миллиграмдан ортиқ қаҳва истеъмол қилса (бу жуда кўп!), болада жиддий касалликлар эҳтимоли ошганлиги кузатилган. Аммо муҳим бир жиҳат аниқланганки, бундай миқдордаги қаҳвани фақат ашаддий чекувчилар ичган экан! Анъанавий равишда қаҳвага нисбат берилган барча зарар аслида сигареталардан келиб чиққан [5].
1. Having A Baby. Frequently Asked Questions: Especially for Teens. ACOG, 2020. https://www.acog.org/patient-resources/faqs/especially-for-teens/having-a-baby
2. Foods to avoid in pregnancy. NHS, 2018. https://www.nhs.uk/common-health-questions/pregnancy/should-i-limit-caffeine-during-pregnancy/
3. Effects of restricted caffeine intake by mother on fetal, neonatal and pregnancy outcomes. Shayesteh Jahanfar, Sharifah Halimah Jaafar. Cochrane Database Syst Rev., 2015. https://pubmed.ncbi.nlm.nih.gov/26058966/
4. How much coffee can I drink while I’m pregnant? ACOG, 2020. https://www.acog.org/womens-health/experts-and-stories/ask-acog/how-much-coffee-can-i-drink-while-pregnant
5. Biases Inherent in Studies of Coffee Consumption in Early Pregnancy and the Risks of Subsequent Events. Alan Leviton. Nutrients, 2018. https://www.ncbi.nlm.nih.gov/pmc/articles/PMC6163788/